БАРИБИР ҲАКАМЛАР ҲАҚ - Китоб дунёси

БАРИБИР ҲАКАМЛАР ҲАҚ

 

 

 

 

 

Мухлисларимиз “Китоб дунёси” газетасининг қатор сонларида юртимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб хорижлик ижодкорлар ўртасида ташкиллаштирилган “Биз билан нишонланг” танловига юборилган шеърларни ўзбек тилида мутолаа қилиб боришди. Қувонарлиси шундаки, уларнинг катта қисми шунчаки ўқувчи сифатида шеър­ларга ижобий баҳо бериш билан чекланишмади, балки ғолибликка даъвогар ижод намуналари борасида ўз тахминларини биз билан ўртоқлашди ҳам. Бунинг учун ушбу фаол мухлисларимизга ташаккур айтамиз.

 

Нашримизнинг ўтган сонида эса танлов якунлангани ҳамда ижод намуналари халқаро ҳакамлар ҳайъатига баҳолаш учун тақдим этилгани борасида хабар берган эдик. Икки ҳафта ичида тўрт нафар ижодкордан иборат ҳакамларимиз шоирларнинг ижод намуналари билан синчиклаб танишиб чиқишди ҳамда танлов ғолибларини аниқлаб беришди.

 

Танлов учун юборилган барча шеърларда юртимиз тараннуми юксак бадиийлик ила ифодаланганининг ўзи шундайига ҳам мушкул бўлган ғолибни аниқлаш ишини янада мураккаблаштиргани, олдиларига чиндан-да масъулиятли вазифа қўйилганини ҳар бир ҳакамимиз чин дилдан эътироф этди.

 

Гарчи таҳририят томонидан битта иштирокчи ғолиб дея эътироф этилиши назарда тутилган бўлса-да, лекин Салим Ашур (Ўзбекистон), Биплаб Мажи (Ҳиндистон), Ганира Пашаева (Озарбойжон) ҳамда Дмитрий Бураго (Украина)лардан иборат ҳакамлар ҳайъатининг қарори сал бошқачароқ бўлди. Яъни улар икки нафар ижодкорни – вьетнамлик шоир Май Ван ФАНни ҳамда озарбойжонлик шоир Акбар ҚЎШАЛИни ғолибликка муносиб кўришди. Албатта, бу қарор таҳририят кўзда тутганидан фарқли бўлса-да, тан оламиз, ҳакамлар барибир ҳақ!

 

Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида тўхталмасликнинг имкони йўқ. Ўзи кўрмаган, билмаган мамлакат ҳақида гўзал шеър битишнинг ўзи аслида осон эмас. Ҳар сафар танловга юборилган шеърлар билан танишар эканмиз, қайта ва қайта ҳайрат ҳиссини туярдик дилимизда. Шеърлардаги мамлакатимиз шаънига битилган гўзал тасвирлар, юртимиз тарихидан, аждодларимиз меросидан хабардорлик, Ўзбекистонга бўлган муҳаббат ҳислари қалбларимизни жунбушга келтирарди.

 

Таҳририят танловда иштирок этган барча хорижлик ижодкорларга ўз миннатдорлигини изҳор этади. Юртимизга бўлган эҳтироми, нашримизга бўлган эътибори учун уларнинг барини ғолиб дея топиш имкониятимиз йўқлигидан афсусдамиз. Буни очиқ-ойдин тан олишдан истиҳола қилмаймиз ҳам.

 

Танловга юборилган шеър­ларни ўзбек тилига ўгириш жараёнида фаол иштирок этган таржимонларимизнинг барчасига чин дилдан раҳмат айтамиз. Зеро, уларнинг меҳнатлари боис хорижлик ижодкорларнинг юртимиз мадҳ этилган шеърлари ўқувчиларимиз ҳукмига айнан ўзбек тилида ҳавола этилди. Ғолибларнинг шеърларини таржима қилган Мансур Жумаев (Май Ван ФАН) ва Раҳмат Бобожон (Акбар ҚЎШАЛИ шеърлари) га эса алоҳида миннатдорлик билдирамиз.

 

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб хорижлик ижодкорлар ўртасида ташкиллаштирилган “Биз билан нишонланг” деб номланган танловимизнинг ғолиблари – Май Ван ФАН ҳамда Акбар ҚЎШАЛИни “Китоб дунёси” жамоаси ҳамда мухлислари номидан чин дилдан

 

 

 

Биплаб МАЖИ

 

ТАНЛОВ ТААССУРОТЛАРИ

 

“Китоб дунёси” газетаси таҳририяти Ўзбекистон Респуб­ликаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Биз билан нишонланг” деб номланган халқаро танловини ўтказди. Ушбу танлов муносиб равишда Ўзбекистон Республикаси номини дунё миқёсида янада жарангдор ва мазмунли қилишда муҳим роль ўйнади.

 

Ўтказилган шеърият танловида 15 дан ортиқ хорижий давлатларнинг шоирлари Ўзбекистонга бағишланган шеърлари билан қатнашдилар: вьетнамлик Май Ван Фан, руминиялик Лео Бутнару, белорусиялик Светлана Бикова, Жон Моррис Татомир, озарбайжонлик Умид Нежарри, Aкбар Қўшали, албаниялик Aдриатик Жейк, Фарид Ҳусайн, россиялик Вадим Терёхин, туркиялик Нуржон Кокман Мугла ҳамда Кучли Блаcкберри ва ҳиндистонлик Aшок Чакраворти Тҳолана.

 

Танловда қатнашган барча шоирлар халқаро миқёсда танилган таниқли ижодкорлардир. Улар бир ёки бир нечта шеърларни Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган шеърлар композицияси учун юборганлар. “Китоб дунёси”нинг Бош муҳаррири шоира Хосият Рус­тамова мендан Ўзбекистоннинг тантанали байрам тадбири учун битта ғолиб шоирни танлаб беришимни илтимос қилди. Шубҳасиз, 15 шоирнинг 26 тадан ортиқ шеърларига баҳо бериш мен учун жуда оғир вазифа эди.

Мен барча шеърларни сабр билан ўқидим ва шуни кўрдимки, танловга тақдим этилган шеърларда Ўзбекистон тарихи, унинг афсонаси, гўзал табиати, тарихий шахслари, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, унинг меҳмондўстлиги ва бошқаларга бўлган меҳр-муҳаббати, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни ёритилган.

 

Мен 1976 йил 16 июлда ва 1984 йил 30 июнда Москвага кетаётиб, ушбу мамлакатга ҳам ташриф буюрган эдим. Ўша пайтлари Тошкент гўзал атиргуллар шаҳри эди.

 

1976 йил 16 октябрда бизнинг дастуримиз Тошкентнинг гўзал жойларига ташриф буюриш бўлди. Ўша вақтда шаҳар бутунлай янги кўриниш олганди. Мен у ерда уч кун қолдим. Аэропорт меҳмонхонасида эдим. “Волга” машинасида Тошкентнинг барча диққатга сазовор жойларини айланиб чиқдим. Ҳинд фильмлари жуда машҳур эди бу ерда. Мен Тошкент музейини кўрдим. Кейин “Дўстлик уйи”га бордим. Музей ўзбек анъаналари ва замонавийлигидан таркиб топган санъат ва меъморчиликнинг яққол гўзал намунаси эди. Бундан ташқари, Тошкент метрополитени иши давом этаётганди. Тошкент чиндан ҳам гуллар шаҳри эди.

 

1984 йилда Москвага иккинчи бор борганимда, Тошкент Марказий Осиё маркази сифатида жуда катта шаҳарга айланиб улгурганди. Дунёнинг турли бурчакларидан келган одамлар Тошкентга ташрифлари мобайнида тарихий Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига саёҳат қилдилар. Ана ўша хотиралар рақобатдош шоирларнинг шеърларини ўқиётганда жилваланиб туради.

 

Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш учун бутун дунё шоирлари томонидан ёзилган барча шеърлар Ўзбекистон тарихи, шунингдек, Ўзбекистон адабиёти, маданияти, рақс, мусиқа, санъати ҳақида садо беради. Улар сувратлар ортидан сўзлар билан суврат чизишди. Уларнинг шеърлари турли образларга бой. Мана, уларнинг баъзилари мазмундор деб ўйлайман:

 

1

Ҳамон қумликлар аро олмос каби кескир ишқ,

Ҳамон юлдузли кўкдай ёнишин айтмай, қадим –

Шоҳларнинг мудроқ қабри ёнидан ўтган ошиқ,

Бухоро, Самарқанддан Хивага келар балким.

(Тановар рақси /

Май Ван Фан)

 

2

Етилган узум ранги қирмиз тусда порлади,

Шафақнинг гирдобига кўз ёш каби тўкилиб.

Биллур қадаҳда шароб томчилари чорлади,

Овозидан дил кетди тўлқинланиб, сўкилиб.

(Тошкент шароби /

Май Ван Фан)

 

3

Қуёшимни чорлагайман, шамга ўхшайман,

Сиғинаман, нажотбахш нурига шайман,

Ким шам ёқар китоб учун кундуз пайти ҳам,

Севгим, Лайли, қуёшимсан, мен эса бир шам.

(Лайли ва Мажнун /

 Лео Бутнару)

 

4

Ва қалб, барини унутиб

Ошиқар тун парвозига

Сиғмайди тутқин сайёҳнинг

Нақшинкор кўз ёши кўзига...

(Жануб туни /

Светлана Бикова)

 

5

Хиваю Самарқанд,

Бухорою Шаҳрисабз

Худди гавҳардек

Кўзим қамаштирар кўр этмоқчидек.

Бу кеча ухлатар мени Самарқанд

Ўзининг жонфизо оҳанглари-ла.

Кўҳна мақбаралар ёғдуси аро

Масжидлар ухлайди бир гўдаксимон.

Осиёнинг бу инжуси ичра

Тарихнинг энг буюк салтанатига

(Франциско Боррас Маримон)

 

6

Ўзбекистон – ҳайрати уйғоқ,

Боболари улуғланган юрт.

Осмони кенг, гўзал боғу роғ –

Тупроғида ўттиз йиллик қут.

(Ўзбекистон /

Жон Моррис Татомир)

 

7

Ўзбекистон, мен сени

Билмам, қандай севаман,

Отам каби севаман,

Онам каби севаман,

Ҳув улуғ ўтмишингдан

то бу ёнга қадар севаман.

Кўкда қуш,

Тупроғингда

ўтга қадар севаман.

Севаман болам каби,

Севгимни айтолмасам,

Қабул эт – лолам каби...

(Ўзбекистон /

Aкбар Қўшали)

 

8

Халқлар ва миллатлар нур истайди,

Худдики, осмондаги ёрқин нур каби.

Ҳурлик отасиз эмас,

Ҳурлик отасиз эмас.

(Хивa китоби /

Фарид Ҳусайн)

 

9

Кўп юртларни кўрдим – номма-ном

Айтсам сирли нур каби парқу.

Аммо Ўзбекистон деган ном –

Афсонадай янграйди мангу!

Бу ер илиқ, оқибат бисёр,

Авлиёлар юртидир сўзи.

Самода ой сузар беисён –

Бу муҳташам Шарқнинг Юлдузи...

(Шарқ юлдузи /

Вадим Терёхин)

 

 

 

САЛИМ АШУР, (UZBEKISTAN)

 

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Бош муҳаррири, шоир

 

ЯНГИ ВА ОҲОРЛИ ТАСВИРЛАР

 

Аввало, “Китоб дунёси” газетаси Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган халқаро адабий танлов эълон қилганини ва уни ташкилий жиҳатдан юқори савияда уюштирганини чин дилдан олқишлайман.

 

Босма нашрлар, хусусан, адабий нашрлар ғоят мураккаб ва танг аҳволни бошдан кечираётган ҳозирги пайтда бундай дадил ва мардона қадамни ўзига хос жасорат деб аташ мумкин.

 

Аёнки, айни танлов эл-юртимизни дунёга танитишга, турли мамлакатлар ва халқлар билан адабий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Танловга Ҳиндистон, Туркия, Озарбойжон, Италия, Испания, Руминия, Албания, Вьетнам, Россия, Белорусь каби мамлакатларда яшаб ижод этаётган шоирлар ўз шеърларини тақдим этганлар.

 

Ушбу шеърлар қат-қатида бошқа халқларнинг, ўзга нигоҳ ва юракларнинг Ўзбекистонимиз, халқимиз, тарихимиз, турмуш-ҳаётимиз, урф-одатларимиз, табиатимиз, адабиётимиз, маданиятимиз, айниқса, тарихий шаҳарларимизга бўлган самимий ва улкан меҳр-муҳаббати балқиб-қалқиб кўринади. Энг муҳими, шоирона дил изҳорлари бизнинг бугунимиз ва келажагимизга қатъий ишонч билан суғорилган.

 

Келгусида Май Ван Фай (Вьетнам), Лео Бутнару, Жан-Морис Татомир (Руминия), Ашок Чакраварти Тҳолана (Ҳиндистон), Франко Леон (Италия), Франциско Боррас Маримон (Испания), Нуржон Кўкман Муғла, Жўшқин Қорабулут (Туркия), Акбар Қўшали, Умид Нежарри, Фарид Ҳусайн, Расмия Собир, Интиқом Яшар (Озарбойжон), Адриатик Жейк (Албания), Светлана Бикова (Белорусь), Вадим Терёхин (Россия) каби дунёга танилган шоирлар шу танлов баҳонасида ёзилган шеърларини ўзларининг янги китобларига киритадилар. Ўзбекистонимиз мадҳ этилган мазкур шеърлар уларнинг адабий таржимаи ҳолида ёрқин саҳифа, унутилмас тарих бўлиб қолади. Зукко шеърхонлар ушбу шеърларни излаб топиб ўқийдилар, самимий сатрлар замиридаги юксак бадиий санъатни кашф этадилар ва ундан баҳраманд бўладилар.

 

Озарбойжонлик Расмия Собир “Ўзбекистон” шеърида ўзбекни “Тупроғу қуёшни эгнига кийиб” деб таърифлайди. Бу қадар аниқ, бу қадар топиб айтилган тасвир ва чизгилар мени жуда ҳайратлантирди. Россиялик Вадим Терёхин Ўзбекистонни катта юлдузга ўхшатади: “Одамлар шу юлдузга боқиб, ўз ҳаётларини чамалаб, ўлчаб кўрадилар...”. Акбар Қўшали “Ўзбекистон” шеърида “Йўлинг – Ҳақнинг йўлидир” деган энсиз сатрда узоқлардаги уфқларга туташган узун ва вазмин Ватан йўлининг сувратини чизади.

 

Сўз айтиш маҳоратида бир-биридан ўзадиган шоирлар сафидан энг яхшисини танлаш мажбурияти, бир-биридан кам бўлмаган гўзал шеърларни саралаш вазифаси, шубҳасиз, мени ғоят мушкул вазиятга солиб қўйди. Лекин, наилож, танлов – танлов-да.

 

Модомики, танлов Ўзбекистон мадҳ этилган асарлар борасида баҳс этар экан, мен Вьетнам шоири Май Ван Файнинг шеърларини алоҳида кўрсатишни истардим. Унинг “Тановар рақси”, “Белбоғ”, “Тошкент шароби”, “Ўзбек чойи”, “Бургутлар”, “Навоий номини олган шамоллар” сингари шеърлари танлов шартларига тўлиқ мослиги, ўзбек миллий колоритини, миллат табиатини нисбатан тўла очиб бергани билан каминанинг шундай қарорга келиши учун асос бўлди, деб ўйлайман.

 

Мутолаа чоғида қалбга чуқур муҳрланган бир-биридан гўзал бадиий топилмалар танловда иштирок этган барча шоирларнинг шеърларида ярқираб, бўртиб кўриниб турибди. Бу ўхшатишлар, сифатлар, образлар, тимсол ва рамзлар... четдан қараган шоирларнинг кўрганлари ва кашф этганлари экани билан ҳам улар биз учун янги ва оҳорлидир.

 

Ушбу танлов миллий шеъриятимизни таржима орқали янги оҳанглар, услублар, янги тасвирлар билан бойитиши ҳамда ёш таржимонларнинг маҳоратини оширишга хизмат қилиши билан ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.

 

Менга тақдим этилган имкондан фойдаланиб, бизнинг Ватанимизни, бизнинг халқимизни мадҳ этиб қўлига нурли қалам тутган қардош халқлар шоирларига чуқур миннатдорлик изҳор этишга ижозат бергайсиз.

Фурсат туғилганда чиройли дил қарзини узишга биз ҳам.

 

 

 

 

 

 

 

BÀI KHÁC
1 2 3 

image advertisement
image advertisement
image advertisement




























Thiết kế bởi VNPT | Quản trị