ОРЗУЛАРГА ҚАЙТИШ МАНЗИЛИ - Хосият РУСТАМОВА суҳбатлашди

ЖАҲОН АДАБИЁТИ

 

ОРЗУЛАРГА ҚАЙТИШ МАНЗИЛИ

(Хосият РУСТАМОВА суҳбатлашди)

 

 

 

 

 

 

 

 

Кўпдан бери юрагимга яқин жаҳон шоир- ларининг суҳбатларида бўлишни орзу қилар- дим. Ниҳоят, вьетнамлик таниқли шоир Май Ван Фан билан ҳамсуҳбат бўлиш насиб этди.

 

- Болалигингиз ҳақида жудаям билгим келяпти. Ижодкор аҳли ҳаётида болаликнинг ўрни қай даражада бўлади? Қалам аҳли улғайгач, унинг болалиги қай бир кўчада қолиб кетади? (волидаи муҳтарамангиз ва оилангиз билан боғлиқ ширин хотираларни биз билан бўлишсангиз, нур устига аъло нур бўлар эди). Энг аввал шулар тўғрисида гаплашсак дегандим..

 

- Май Ван Фан (М.В.Ф.): Камина Шимолий Вьетнам соҳиллари биридаги қишлоқчада таваллуд топдим ва ўсиб улғайдим.  Бу ерларга аждодларимиз қадами етган кунданоқ, одамлар тинч ва осуда ҳаёт кечириб келганлар, қишлоғимнинг манзарасига эса ошиқ бўлмай иложингиз йўқ! Эсимда, болалигимда тенгқурларим билан денгиз шабадаси эсиб турган қишлоқ дарёси соҳилида варраклар учирардик. Мамлакатда тропик иқлим ҳукмрон бўлишига қарамасдан, бу ерга денгиздан қаттиқ, илиқ, шу билан бирга ёқимли шамол эсиб турарди. Кучли шамол оқибатида ер унумдорлигини оширишда зарур бўлган тоғ жинслари оқиб келарди. Эртаси куни тонгда тошқин тугаб, далалар ва тутзорлар бўйларида, қамишзор ҳамда маккажўхоризорлар керакли озуқага тўйиниб, ял-ял товланарди. Заминга гўё қайта жон кирарди. Қишлоғимни тарк этганимга ярим аср бўлганига қарамасдан, ернинг ўша ранги ҳамон кўз ўнгимда. Она заминимни қўмсаган кезларим ўша рангли манзара шууримда жонланаверади, ҳатто тушларимга киради, ўша ёрқин ранг шу қадар ўткирки, уйдан узоқда бўлсам ҳам, она заминимнинг рангини эслатаверади. Кемалар елканлари ҳам ранг-баранг.  Юртимда ҳатто булутларнинг-да ранги бор. Нигоҳим етган ҳар бир мўъжизанинг – куз якунидаги ўрмоннинг, шафақ чўмган тоғлар чўққиси-ю, ҳатто булбуллар ва олмахонларнинг ҳам назаримда мен суйган ранги мавжудга ўхшарди... Кейин... кейин осуда болалигимиз 1965 йилнинг ёзида Америка самолётлари Шимолий Вьетнамни ўққа тутишганида бари чилпарчин бўлди. Энди кўз ўнгимдаги ёрқин манзара ўрнини қўлларига милтиқ кўтарган катталар эгаллади. Улар душман самолётларининг пастлаб учишини пойлар ва шундай имконият туғилиши биланоқ уларга қарата ўқ узардилар. Ўша кезларда уйдан чиқиш зарурати туғилганида, бомба парчаларидан ҳимояланиш мақсадида тўқилган шляпалар кийиб олиб, орамиздан кимдир жароҳат олса, дарҳол биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида ўзимиз билан дори қутича кўтариб олардик. Ўшанда 10 яшар бўлишимга қарамасдан, жароҳатни боғлаш, қай тариқа қон тўхтатиш ёки сунъий нафас беришни бинойидек эплардим... Қизиғи шунда эдики, уруш ўчоғида яшаган кезларимизда ҳам бирортамиз тушкун кайфиятда бўлмасдик, ҳеч нимадан қўрқмасдик ҳам. Эҳтимол, катта авлоднинг жасорати биз, болаларга ҳам ўтгандир.Ўша пайтларда уйда буви- боболаримиз, ота-онамиз, мактабда устозларимиз эртакнамо болалигимизни асраш учун қалқон бўлганликларидан на бомбалар, на ўқлар бизга зарар етказа олмаган. Душман самолёти яқинлашган ҳамоно бизни ваҳимали сигнал ёки қўшни уйдаги овоз кучайтиргич орқали огоҳлантиришарди, биз эса бир-биримизнинг ортимиздан бункерга тушиб олардик. Ўқитувчимиз эса туннелга ҳаммамиздан кейин тушиб, рўпарамизда, туннелнинг кираверишида ўтирарди. Самолёт двигателининг овози келиши биланоқ, ўқитувчимиз бор овози билан: “Ётинглар, қўрқманглар, мен ёнингиздаман!” – дерди. Ўқувчиларнинг бари унинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришар, болалар ўқитувчи аёлнинг уларни ҳимоя қила олишига чиндан ишонишарди. Уруш пайтида Вьетнам халқи бир-бирига метин ирода ва чексиз кўтаринкилик улашардилар. Ҳар доим душман самолёти ҳужумидан кейин гўё ҳеч қандай хатар йўқдек, ҳаёт яна бир маромда давом этарди, катталар экин-тикин ғамида бўлар, болалар эса аввалгидек ўйнаб-кулишар, мактабга қатнашни ҳам канда қилишмасди. Тонг саҳардан болалар қирғоққа бориб ўйнашар, кейин қизил қисқичбақа тутиб келишарди. Бундай қисқичбақаларнинг олд тарафида иккита манжет бўлиб, улар қирғоқда товланиб турган заминда уячалар ҳосил қилишарди. Болалар қисқичбақани уйларига олиб келиб, уларни яхшилаб ювиб, тозалаб, исмалоқ ёки жутли сабзавотлар билан мазали шўрва пиширишарди. Бу таом мен улғайган ерликларнинг анъанавий таоми ҳисобланади. Орадан анча вақтлар ўтиб, она юртимдан олисда яшарканман, бир куни кимдир уйида пишираётган худди ўша шўрвани узоқдан кўриб, кўзларимга беихтиёр ёш келиб кетди. Ўшанда беғубор болалигимни, ота-онамни ва яқинларимни шу қадар соғиндимки... Ўша машъум йилларда ҳам одамлар самимий ва ҳалол умр кечирганлар. Ҳурматли Хосият Рустам, ҳар бир ижодкорнинг  хоҳ у осуда ўтган бўлсин, хоҳ қизғин, у давр қалам аҳли ижодига пойдевордир. Ҳар бир инсоннинг болалиги унинг ижодига тамалтошидир. Болалик бу жўнаш ва кун келиб қайтиш манзилидир. Биз чин гўзаллик ва илк ижодимиз ишқида унга қайтамиз! Шунингдек, орзулар рўёби учун ҳам! Зеро, болалик ҳар биримизни шахс сифатида шакллантирибгина қолмай, ҳар бир ижодкорнинг бадиий истеъдодини чархлайди.

 

- Ҳаётингизда ижоднинг ўрни қандай?

 

- М.В.Ф.: Ижоднинг маҳсули бу – асарлар, мен учун эса шеър, достон, адабиётшунослик ва яна алланималар... Ҳар бир муаллифнинг асари одатда ўзига хос анъанага эгадир. Муаллиф ижодидан намуналарга эътибор қаратилса, унинг санъати оламини кўра оламиз, албатта ўша асар мазмуни унинг туғилиш даврига кўра баҳоланади. Мен учун мана шундай санъатнинг тортишиш кучи тўғридан тўғри кундалик ҳаётимга дахл қила оладиган даражада ниҳоятда буюкдир. Эҳтимол, фақат мана шунинг учун ҳам яшаётган, ижод қилаётгандирман... Одатда мен ҳар бир сеҳрли сўз нафасини туйгач, бирор бир ғайритабиий ўзига хосликни қўлга киритишга интиламан. Асарларимга умрим давомида дуч келган воқеликлар, ҳар бир фикр ва эмоционал ҳолатимни олиб кираман. Дарвоқе, мен ҳар ерда, ҳар қандай ҳолатда, йўлда ҳам, денгизда ҳам, қаҳвахонада ҳам ижод қилавераман.Фикрларимни дарҳол мобил телефонимга тушириб, кейин уйга келиб, ёзганларимга ишлов бераман. Қанча шеърларимни тушимда битганман, уйғониб уларни қоғозга туширардим-да, кейин яна уйқуга кетардим. Ижод – менинг борлиғим, мен учун ҳаво, олаётган нафасимдир.

 

- Умрим давомида турли шоирларни учратдим. Баъзиларининг ижодига яхши баҳо берса ҳам бўлади. Назаримда, ҳақиқий шоир тушунчаси ҳам мавжуд. Чин шоир ҳатто мажбур бўлганида ҳам ҳақиқатдан воз кечмаслиги даркор. Нима деб ўйлайсиз, шоирлар ижодига цивилизация раҳна солганмикан ёки тажриба сабаб шоир яхши ижод қилишни бошлармикан?

 

- М.В.Ф.: Шеъриятни баҳолашнинг турли йўллари мавжуд. Шундай усуллардан бири: Шеърият – самимийлик санъати эканлиги. Шеърият – сўз ўйини эмас, ҳатто сўзларнинг ясама шакли ҳам эмас, шоирнинг кучли туғёни ҳосиласидир. Туғёнларининг кучли бўлиши учун эса шоир аввало, ўзига садоқат қила олиши даркор, муҳаббат ва нафрат борасида ўз қарашига шубҳа қилмаслиги шарт. Шунинг учун ҳам шоир ёлғон ёзса, унинг ёзганлари вақтнинг элагидан ўтмайди. Шоир ўзида кучли туғёнларни парваришлай билиши керак. Ҳиссиётлар жунбушга келганидагина, шоир шеър ёзади, уни илҳомлантирган нарса қандайдир илоҳий, унга юборилган марҳамат сингаридир. Бундай ҳиссиётлар оғушида бўлиши учун, шоир яшаши, покиза ишқ соҳиби бўла олиши лозим. Дунё ва инсоният учун яшаши ва ўйлашигина шоирни юксакликка чорлайди. Шоир яшамоғи учун бутун кучини ишга солмоғи даркор, чин ҳаёт мағзини чақиши лозим, шундагина ҳаётнинг моҳияти, кенгроқ мазмунда эса у бошидан кечираётган давр ривожи беихтиёр ёки онгли равишда шоир ижодидан жой олади. Бадиий адабиёт жамият ва реал ҳаётни акс эттирибгина қолмасдан, унда олдиндан кўра билиш хусусияти ҳам мавжуд. Шоир ёки ёзувчининг башорати унинг тахминлари ва ҳис-туйғулари билан боғлиқ бўлган жараёндир. Зеро, шоир ва ёзувчилар китобхонларга уларнинг келажаги қандай бўла олишини айтиб бера олишлари эҳтимоли каттадир.

 

- Нима деб ўйлайсиз, Ўлим – ҳаётнинг интиҳосими ёхуд ибтидоси..?

 

- М.В.Ф : Ўлим ҳеч бир истаксиз яшайдиган умидсизлар учун ҳаётнинг биологик жиҳатдан якунидир. Ижод аҳли эса ўз асари билан боқий яшайди. Айнан шунинг учун ҳам аҳли ижод узоқ умрни ният қилса, унинг жамият ва инсоният маънавий ҳаётини сайқаллай оладиган асарлари бўлиши лозим. Алқисса, қалам соҳиби бошқа ҳеч кимда учрамайдиган асар ярата олган бўлиши керак. Ўшандагина бундай ижодкор бу оламни тарк этса, ҳали умр кечираётганларнинг маънавий ҳаётида унинг ўрнини ҳеч ким боса олмайдиган бўшлиқ қолади.

 

- Айни пайтда сиз ҳаётингизнинг маълум бир палласидасиз. Ортингизга назар солсангиз, нималарни кўрасиз, ўтган умрингиздан мамнунмисиз?

 

- М.В.Ф : Мен Вьетнамнинг анъанавий қадриятларига кўра улғайиб, дунёнинг етакчи тенденциялари сафига қўшилдим. Шеъриятга янги нафас олиб кирдим. Замонавий Вьетнам поэзиясининг ривожига ҳисса қўшиш учун қайтдим. Баъзи кашшоф шоирлар билан ҳамкорликда шеъриятга вьетнамча оҳанг сингдирилган янги йўналиш яратишни истаймиз. Ушбу йўналиш замонавий дунёдаги авангард ҳаракатлар билан бир хил мақомга эга бўлиб, Вьетнам халқи қадрият ва маданиятининг гўзаллигини ўзида акс эттиради. Умримнинг аввал бошидан бугунига ўтиш менга осон бўлган, дея олмайман. Ўтмишимга назар ташласам, хатоликларим сабаб саросимага тушган кезларим бўлганини ҳам тан оламан. Бироқ ўша хатолар менга қимматли сабоқ бериб, олға интилишим учун туртки бўлди. Ўз ижодий ҳаётимдан мамнунман, дея айта оламан.

 

- Бу ҳаётда кимга ва нимага ишонасиз? Нимага ва кимга суянасиз?

 

- М.В.Ф : Ҳаммадан кўп онамга ишонаман. Онам меҳрибон, фидойи ва кучли аёл. Кичкиналигимдан шу пайтга қадар у мени сира алдамаган. Онам менга ижодкор учун муҳим фазилатлардан бўлган ҳалоллик ва мардликни ўргатган устозимдир. Шоир ниманинг тўғри эканлигини фаҳмлай олиши керак, у тўсиқлардан, ўзи яратган чегаралардан ошиб ўтиши учун дадил бўлиши лозим. Онам меҳри – муқаддас қўрғон, дунёдаги энг осойишта маскан, ҳамиша суяна олишим мумкин бўлган таянчимдир.

 

- Агар сир бўлмаса, бугун нималар билан машғулсиз?

- М.В.Ф : Шеърларим орқали Вьетнам шеъриятига янгича ва замонавий руҳ олиб киргач, энди яна миллатимизга мансуб бўлган олти бурчакли шаклдаги шеърлар ёзишга қайтяпман. Бундай шеърнинг асосий қоидаси шундан иборатки, у олти ёки саккиз қаторли мураккаб шаклда бўлиб, ҳамоҳанг тарзда қофияланади. Бу ёзувчидан сўзларни матрица сифатида ишлатишни талаб қиладиган шеърий шаклдир. Бу шуни англатадики, олти бурчакли мисрани вьетнам тилида тартибга солиш ва қофиялаш санъати орқали ўқувчиларда жуда кўп турли хил маъно ва мазмунни англатиши мумкин. Мен ушбу анъанавий шеърий шаклга замонавий руҳни сингдирмоқчи эдим. Илгари бу ҳақда ўйлашга журъат этмаган бўлсам-да, лекин ҳозир менда қофия ва ритмлари асрлар давомида вьетнамликлар онгида муҳрланиб қолган шеъриятнинг янги шаклини ўйлаб топиш учун янада кучлироқ ички ҳиссиёт мавжудлигини сезяпман. Ижодимда янги бир даврнинг бошланишини ҳис қиляпман.

*

Масъул котиб: Асрор СУЛАЙМОНОВ Навбатчи муҳаррир: Ҳумоюн АКБАРОВ Саҳифаловчи: Нигора ТОШЕВА

Газета 2014 йил 26 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида томонидан.

 

 

 

 

 

 

 

BÀI KHÁC
1 2 3 

image advertisement
image advertisement
image advertisement




























Thiết kế bởi VNPT | Quản trị